Узб

Ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва профилактика қилиш масалалари юзасидан халқаро ўқув семинари бўлиб ўтди

Ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва профилактика қилиш масалалари юзасидан халқаро ўқув семинари бўлиб ўтди

1170

2018 йил 7 август куни Бош прокуратура Академиясида Лунд Университети (Швеция) ҳалқаро экспертлари иштирокида «Ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва профилактика қилиш масалалари: илғор тажриба алмашиш ва ҳамкорлик истиқболлари» мавзусида халқаро ўқув семинари ўтказилди.

Семинарда Лунд Университетининг (Швеция) ҳуқуқ социологияси ҳамда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш соҳасидаги эксперти Р.Уринбоев, Академия профессор-ўқитувчилари, Бош прокуратуранинг таркибий тармоқлари ходимлари иштирок этдилар.

Шунингдек, семинарда видеоконференцалоқа орқали Манчестер университети (Буюк Британия) профессори, Манчестер университети ҳуқуқ мактаби раҳбари К.Торнхилл, Лунд Университети ҳуқуқ социологияси кафедраси катта ўқитувчиси, ҳуқуқ криминологияси фалсафа доктори И.Шульц, Лунд Университети ҳуқуқ социологияси кафедраси катта ўқитувчиси, Осло Университети юридик факультети криминология соҳасида фалсафа доктори И.Нафстад, Лунд Университети ўқитувчиси П.Олссон иштирок этдилар.

Семинар ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва профилактика қилиш соҳасида оптимал ҳалқаро амалиётни ўрганиш, қўшма илмий тадқиқотларни ўтказиш учун хорижий мутахассисларни жалб қилиш, норматив-ҳуқуқий, услубий ва таҳлилий характерга эга бўлган ахборотлар алмашинувини амалга ошириш мақсадида ташкил этилди.

Семинар давомида Ўзбекистоннинг ҳуқуқбузарлик профилактикаси соҳасида эришган ютуқлари, замонавий криминология масалалари ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш амалиёти, шунингдек жойларда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш соҳасида қўлланилаётган инновациялар муҳокама қилинди.

Семинар конструктив ва дўстона шаклда бўлиб ўтди. Томонлар фикр алмашиб, келгусида мазкур соҳадаги ҳамкорликни давом эттириш ва ривожлантиришни таъкидлаб ўтдилар.