Узб

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар

304
Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш (ЖФОДЛТМҚК) нафақат давлат хавфсизлигини, балки унинг иқтисодий ривожланиши ҳамда молиявий сектор барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг (ФАТФ) стандартлари мазкур соҳадаги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ҳисобланади. Маълумот учун: ФАТФ – мустақил ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланиб, 1989 йилда ташкил этилган. ФАТФ халқаро молиявий тизимни жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришдан ҳимоя қилишга қаратилган тамойил ва стандартларни ишлаб чиқади. ФАТФнинг 37 та давлат, 2 та минтақавий ташкилот ҳамда 9 та ассоциациялашган аъзоси мавжуд (Евроосиё гуруҳи - ЕОГ, АТГ, ЕСААМЛГ, ГАФИСУД, МЕНАФАТФ, МАНИВЭЛ, КФАТФ, ГИАБА). ФАТФ барча мамлакатларни уларнинг миллий тизимларини гуруҳнинг 40 та тавсиясига мувофиқлаштириш учун самарали чоралар кўришга чақиради. Бундан ташқари, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1617 (2005) ва 2462 (2019) Резолюцияларида БМТга аъзо давлатларнинг ФАТФ тавсияларини миллий қонунчиликка имплементация қилишни назарда тутувчи нормалар мавжуд. ФАТФ ва унинг ассоциациялашган аъзолари даврий равишда давлатларнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизимини баҳолаб борадилар. Ўзбекистон Республикаси 2005 йилда ФАТФнинг ассоциациялашган аъзоси бўлган Евроосиё гуруҳига аъзо бўлган. Ҳозирги кунда, Евроосиё гуруҳи экспертлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг ЖФОДЛТМҚК миллий тизимни баҳоланишининг якуний босқичи бўлиб ўтмоқда. Жорий йилнинг июнь ойида экспертларнинг республикамизга амалий ташрифи режалаштирилган. Маълумот учун: 2009-2010 йилларда ЖФОДЛТМҚК бўйича Евроосиё гуруҳи томонидан республиканинг миллий тизимини ўзаро баҳолашнинг биринчи босқичи ўтказилган. Экспертларнинг дастлабки баҳосига кўра, Ўзбекистон Республикасининг миллий тизимида айрим камчиликлар мавжуд. Айни вақтда экспертлар томонидан кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш бўйича Ўзбекистоннинг ваколатли органлари томонидан зарур чоралар кўрилмоқда. Ўзбекистон Республикасида ЖФОДЛТМ билан боғлиқ хавфларни миллий даражада баҳолаш ҳисоботи Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг расмий веб-сайтида 2020 йилнинг 27 апрель кунида эълон қилинган (http://new-department.uz/ru/press/news/439/).