Узб

Кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди

Кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди

48
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан банкларнинг комплаенс-назорати тузилмалари билан ҳамкорлик доирасида пул маблағларининг талон-торож қилиниши бўйича аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ўз вақтида қонуний чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, Департаментнинг Қўнғирот туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “F.” МЧЖ масъул шахслари “ноль” қийматдаги бинода “Фитнес клуби” ташкил қилиш мақсадида тижорат банки филиалидан ажратилган 1,7 млрд сўм кредитни бошқа мақсадларда сарфлаб, кредит маблағини талон-торож қилганлиги аниқланган.

Департаментнинг Риштон тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Ж.Р.” фермер хўжалиги раҳбари Э.Х. ва бошқалар ҳудудий тижорат банки масъул шахслари билан ўзаро бириктириб,  4 та тадбиркорлик субъектларига иссиқхона қуриш учун ажратилган жами 525,9 млн сўм кредитни сохта ҳужжатларни расмийлаштириш орқали нақдлаштириб олиб, талон-торож қилганликлари аниқланган.

Департаментнинг Бандихон туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “B.-K.i” МЧЖ раҳбари Ў.Т. ва бошқалар тижорат банки филиалидан ажратилган 400 млн сўм кредит маблағлари эвазига харид қилинган кимёвий тозалаш (химчистка) ва реклама баннерларини ишлаб чиқарувчи ускуналарни бошқа шахсларга сотиб юборганлиги аниқланган.

Шу каби, Департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Ch.T.” МЧЖ раҳбари С.Ш. ва таъсисчиси А.Ш. тижорат банки филиалидан ажратилган 269 млн сўм имтиёзли кредит эвазига харид қилинган иссиқхона қурилиши материалларини бошқа шахсларга сотиб юборганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.