Узб

Ер майдонлари савдоси билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди

Ер майдонлари савдоси билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди

93
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ИИБнинг Навоий шаҳар бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро А.С. фуқаро Д.Ҳ.нинг ишончига кириб, унга 60 млн сўмга Кармана тумани, “Хазора” МФЙ ҳудудидан 12 сотих ер майдони олиб беришини айтиб, шундан 50 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, Департаментнинг Кармана туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаролар У.П. ва И.Қ. фуқаро Д.А.га “Паҳлавон” МФЙ ҳудудидан 16 сотих ер майдони олиб бериш эвазига 50 млн сўмни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Қувасой шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса, фуқаро Ғ.Т. фуқаро И.Д.нинг ишончига кириб, унга “Қўчқорчи” МФЙдаги давлат захирасида бўлган 30 сотих ер майдонини 2022 йилнинг июнь ойида 30 млн сўмга сотганлиги аниқланиб, шундан 4 млн сўмини қайтарганлиги процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.