Узб

Томчилатиб суғориш ва ичимлик суви тизимини таъмирлашдаги талон-торожликлар фош этилди

Томчилатиб суғориш ва ичимлик суви тизимини таъмирлашдаги талон-торожликлар фош этилди

122
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Оқдарё туман бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “B.I.” МЧЖнинг фермер хўжаликларига ўрнатиб берган томчилатиб суғориш технологиялари мутахассисларни жалб қилган ҳолда назорат ўлчовидан ўтказилганда, корхона томонидан 442,8 млн сўмлик томчилатиб суғориш ускуналари ўрнатилмасдан, ушбу маблағлар талон-торож қилинганлиги аниқланган.  

Бундан ташқари, “А.Ш.” ва “М.” фермер хўжаликларига томчилатиб суғориш технологияси тўлиқ ўрнатилмаган бўлсада, ушбу хўжаликларга сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга сарфланган харажатларни бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратишга кўмаклашувчи туман ишчи гуруҳи томонидан 160 млн сўм субсидия ажратилган.  

Шу каби, Департаментнинг Бешариқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “N.Y.” хусусий корхонаси раҳбари С.А. “С.т.” УК вилоят филиали масъул шахслари билан ўзаро тил бириктириб, “В.-Д.” кичик саноат зонасидаги ичимлик суви тизими қурилишида ҳақиқатда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали 348,4 млн сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.

Департаментнинг Марҳамат туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса, “В.Ю.” МЧЖ раҳбари Ў.Ю. ва “С.т.” УК масъул шахслари ҳудуддаги 4 та МФЙда сув тармоғини тортиш ва 1 дона сув қудуғини таъмирлаш ишларига амалда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали 123,8 млн сўмни талон-торож қилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.