Узб

Электр ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилмоқда

Электр ва табиий газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилмоқда

80
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон шаҳар бўлими томонидан шаҳар ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, “N.G.” МЧЖ раҳбари М.Ш. ва бошқалар корхонанинг ишлаб чиқариш цехини ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, 1 млн кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Шу каби, Департаментнинг Пахтаобод туман бўлими томонидан туман ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, “O’.s.” МЧЖ раҳбари Т.У. ва бошқалар “Марифат” МФЙ худудидаги ғишт ишлаб чиқариш биносини ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, 402,9 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Департаментнинг Балиқчи туман бўлими томонидан туман ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро М.М. ўзининг хонадонида ташкил этган яширин ёғ ишлаб чиқариш цехини ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, 276,1 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Департаментнинг Андижон туман бўлими томонидан туман ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда, “E.Сh.” ва“M.D.” оилавий корхоналари раҳбарлари ушбу корхоналарнинг ишлаб чиқариш цехи ва чойхонани ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, 159,7 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Департаментнинг Навоий вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “B.Z.” МЧЖга қарашли иссиқхонада табиий газ сарфи бўйича маълумотларни электрон тарзда газ таъминоти корхонаси дастурига жўнатишга мўлжалланмаган газ ҳисоблаш ускунасидан фойдаланиб, жами 72 минг куб табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Ушбу қонунбузилиш ҳолатлари оқибатида, давлат ва жамият манфаатларига 934,1 млн сўм зарар етказилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.