Узб

Булоқбоши ва Қўрғонтепа туманларида кредит маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди

Булоқбоши ва Қўрғонтепа туманларида кредит маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди

112
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Булоқбоши туман бўлими томонидан АТ “Халқ банки” Булоқбоши филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, “M.” фермер хўжалиги раҳбари М.И. ва бошқалар ушбу банк филиалидан ажратилган 1,4 млрд сўм кредит эвазига “Н.” фермер хўжалигидан шартномада кўрсатилган 833 бош наслли эчкининг ўрнига, 253 бош маҳаллий эчкиларни харид қилиб, жами 1,2 млрд сўм кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.

Департаментнинг Қўрғонтепа туман бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “R.B.” МЧЖ раҳбари Ш.У. ва бошқалар “Q.i.” оилавий корхонасига ҳудудий тижорат банки филиалидан ажратилган кредит эвазига шартномада кўрсатилган инкубатор ускунасини етказиб бермасдан жами 720 млн сўм кредит маблағини ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан бошқа мақсадларда сарфлаб юборганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.