Узб

Кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотаётган шахслар ушланди

Кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотаётган шахслар ушланди

44
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Чиноз туман бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро И.С. 200 дона, фуқаро А.А. 40 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини жами 9,6 млн сўмга сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, И.С.нинг “MATIZ” русумли автотранспорт воситасидан жами 112 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаси ҳамда оқ рангли кукунсимон “Мефедрон” моддаси ашёвий далил сифатида олинган.

Шу каби, Департаментнинг Олмалиқ шаҳар бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам судланган Ш.Б. ноқонуний даромад орттириш мақсадида  фуқаро Б.С.га 90 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини сотган вақтида ушланиб, ундан жами 100 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси ашёвий далил сифатда олинган.

Департаментнинг Янгиқўрғон туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда “O.l.” МЧЖ ва дорихонаси сотувчиси Р.Ж. фуқаро Ф.Х.га 10 дона “Тебантин” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини сотиб, унга ушбу дори воситасидан яна 40 донасини олиб келиб бериши эвазига 300 минг сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Мирзо Улуғбек туман бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса, фуқаро Х.Х. фуқаро С. Б.га 25 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.