Узб

Ер майдонлари савдоси билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди

Ер майдонлари савдоси билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди

117
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бувайда туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.Ш. “Қорақум” МФЙда яшовчи 3 нафар фуқарога онлайн аукцион савдолари орқали 10 йил муддатга ижара шартномаси асосида фойдаланиш учун ажратиб берилган 30 сотих ер майдонини фуқаро З.А.га фирибгарлик йўли билан фуқароларнинг хабардорлигисиз 45 000 АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 10 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Шўрчи тумани бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Н.Ж. фуқаро У.Ч.нинг ишончига кириб, унга гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида 150 млн сўм эвазига “Бахштепа-1” МФЙ ҳудудидан 50 сотих захирадаги экин ер майдонини олиб беришини айтиб, шундан 2 000 АҚШ доллари ва 59 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, Департамент ҳамда ДХХнинг Каттақўрғон тумани бўлимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “К.К.” МЧЖ раҳбари А.А. (муқаддам судланган) фуқаро Ф.Т.нинг ишончига кириб, унга гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида бошқа фуқарога тегишли 8 сотих ер майдонидаги қурилиши тугалланмаган турар жой ва унга туташ бўлган 8 сотих захирадаги ер майдони унинг номига ҳужжатларни расмийлаштириб олиб бериши эвазига 1 600 АҚШ долларини олган вақтида ушланиб, А.А.нинг иш хонасидан яна 19 нафар фуқарога тегишли уй-жой учун расмийлаштирилган сохта кадастр ҳужжатлари, туман ҳокимлигининг сохта “Қарорлар учун” муҳри ва “Аслига тўғри” штампи ашёвий далил сифатида олинган.

Департаментнинг Чуст туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда эса, муқаддам фирибгарлик жиноят учун судланган К.У. ва М.Б. фуқаро Й.А.га тумандаги “Ж.И.” фермер хўжалигининг 30 сотих ер майдонини унинг номига расмийлаштириб беришлари эвазига 7 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланиб, К.У. ва М.Б. томонидан 7 000 АҚШ долларининг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.