Узб

Электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди

Электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди

20
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қўшработ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда “J.I.” фермер хўжалиги ва “S.P.” МЧЖ масъул шахслари сув насослари ҳамда янги қурилаётган бинони иситиш печлари ҳамда бошқа элетр жиҳозларни ҳеч қандай ҳужжатсиз тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўғрилик йўли билан улаб, жами 256,8 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Шу каби, Департаментнинг Термиз туман бўлими томонидан “Ўзэнергоинспекция” ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда Денов тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси масъул шахслари “Айритом” МФЙ ҳудудига ўрнатилган янги кўча чироқларини ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тўғридан-тўғри улаганликлари оқибатида жами 169,1 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилганлиги аниқланган.

Департаментнинг Қўқон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса, фуқаро Х.И. ва бошқалар “Мингтут” МФЙда жойлашган ўқув маркази биносини ҳеч қандай ҳужжатсиз тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўғрилик йўли билан улаб, жами 146,5 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.