Узб

Акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди

Акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди

30
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Учтепа туман бўлими, ДХХ ва божхона ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда хорижда ишлаб чиқарилган тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган И.М. ва бошқалар Замахшарий кўчасидаги хонадонда умумий баҳоси 391,9 млн сўмлик 9 турдаги жами 20 890 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотини сотиш учун сақлаб қўйганликлари аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Шу каби, Департаментнинг Наманган туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган Я.М. ва Т.С. (муқаддам судланган) жами 6 500 қути  “Milano London” номли акциз маркасиз тамаки маҳсулотини фуқаро М.Х.га 4 420 АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 16 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан божхона ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган О.Б. ўзининг “Neхia-2” русумли автотранспорт воситасида  ҳеч қандай ҳужжатсиз 3 турдаги жами 1 350 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотини ўтказиш мақсадида Навоий шаҳрига  олиб келаётган вақтида ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.