Электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилмоқда
196
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Каттақўрғон ва Оқдарё тумани ҳамда Самарқанд шаҳри бўлимлари томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувларда “Kh.A.” фермер хўжалиги, “R.F.” ҳамда “О.I.” МЧЖлар масъул шахслари умумий фойдаланишдаги электр ва табиий газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб, жами 727,6 млн сўмлик энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган. Шу каби, Департаментнинг Урганч, Ғузор туман бўлимлари ва Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда ушбу ҳудудлардаги “Б.О.”, “Т.С.” ва “Қ.Ч.” фермер хўжаликлари масъул шахслари электр сув насосларини ўзбошимчалик билан тўғридан-тўғри тармоққа улаб, жами 504,6 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Департаментнинг Марғилон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “J.S.” МЧЖ масъул шахслари корхонанинг умумий овқатланиш шохобчасининг электр ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир ўтказиб, 232,2 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.