Узб

Кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди

Кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди

115
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан банкларнинг комплаенс-назорати тузилмалари билан ҳамкорлик доирасида пул маблағларининг талон-торож қилиниши бўйича аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ўз вақтида қонуний чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, Департаментнинг Чилонзор туман бўлими томонидан ҳудудий тижорат баки филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Y.O.” МЧЖ раҳбари У.О. ва бошқалар ушбу МЧЖга ажратилган кредитнинг 1,3 млрд сўмини “S.B.” МЧЖга “Hyundai” русумли экскаватор харид қилиш учун ўтказиб, гўёки экскаватор харид қилинганлиги тўғрисида ҳужжатларни сохталаштириш орқали кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.  

Худди шундай, Департаментнинг Бойсун туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, туман Ободонлаштириш бўлими ҳисобчиси С.М. 17 нафар фуқаронинг номига уларнинг хабардорлигисиз ЯТТлар ташкил қилиб, жами 513,2 млн сўмлик имтиёзли кредит олишга эришиб, ушбу маблағлар эвазига олинган тикувчилик дастгоҳларини сотиб юбориб, давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказганлиги аниқланган.

Департаментнинг Чортоқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса, “B.G.” МЧЖ раҳбари З.Б. ва бошқалар банк филиалидан “B.G.” МЧЖга маиший техникалар харид қилиш учун ажратилган 450 млн сўмга техникаларни харид қилмасдан, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Шу каби, Департаментнинг Қувасой шаҳар бўлими томонидан ўтказилган ўтказилган терговга қадар текширувда, “З.Н.” деҳқон хўжалиги раҳбари Ғ.А. ва бошқалар ҳудудий тижорат банки масъул шахслари билан ўзаро тил бириктириб, 11 нафар фуқаронинг номига иссиқхона ташкил этиш учун ажратилган 260,5 млн сўм кредитни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари  билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.